Menu Close

«Бюджетчи талабалар»га ҳукумат томонидан қайтариладиган беш ойлик стипендия миқдори маълум бўлди

«Бюджетчи талабалар»га ҳукумат томонидан қайтариладиган беш ойлик стипендия миқдори маълум бўлди

Ҳозирда Ўзбекистонда 99 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, талабаларнинг 88 минг 455 нафари давлат гранти, 278 минг 885 нафари эса тўлов контракт асосида таҳсил олмоқда. Қарийб 196 минг нафар ёки 72 фоиз талаба ўз хоҳишига кўра стипендиясиз контракт асосида ўқишни маъқул кўрган.

Бу ҳақда 7 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг 31 январда қабул қилинган «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, Молия вазирлиги ва ОТМ ректорлари иштирокидаги тадбирда янги тартибга оид барча муҳим саволларга мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.

«Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорига мувофиқ, давлат гранти асосида таҳсил олиб, ўтган семестрни «4» ва «5» баҳога ёпиб, 400 минг сўм ва 460 минг сўм стипендия олган талабаларга давлат бюджети ҳисобидан беш ойлик, яъни сентябрь—январь ойларидаги қолган стипендия пули қайтариб берилади.

Савол туғилиши мумкин: уларга ҳар ой учун қанча миқдорда маблағ қайтарилади? Маълумки, аввалги стипендия тайинлаш тартиби бўйича бюджетда ўқиётган «бешчи»лар ҳар ойда 752 минг сўм стипендия оларди. Уларга тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилган тартиб билан эса 2019 йил сентябрь—январь ойларида 460 минг сўмдан тўланди. Ҳисоб бўйича давлат уларга яна ҳар бир ой учун 292 минг 300 сўмдан стипендия бериши керак. Демак, давлат гранти асосида «5» баҳога ўқиётганлар ўтган беш ой учун жами 1 миллион 461 минг 600 сўм қўшимча стипендия олади.

Олдинги тартибда «4» баҳога ўқиган бюджетдаги йигит-қизларга ойига 564 минг 200 сўмдан стипендия бериларди. Уларга ўтган беш ой ичида 400 минг сўмдан стипендия тўланди. Эндиликда биз уларга ҳар бир ойга 164 минг 200 сўмдан жами 821 минг 200 сўм қолган стипендияни қайтарамиз.

Бюджетдаги «уч» баҳоли стипендия олувчи талабаларга авваллари 376 минг 200 сўмдан стипендия тайинланарди. Сентябрь—январь ойларида уларга ҳам 400 минг сўмдан стипендия берилди. Ҳисоб-китоб қилинса, «3» баҳоли стипендия олувчилар ҳар бир ой учун 23 минг 800 сўм, беш ойга жами 119 сўм қарз бўлиб чиқади. Аммо улар буни давлатга қайтармайди, ўзида қолади.

Стипендиялардаги ушбу тафовут узоғи билан 15 февралгача тўлаб берилади», — деди Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов.

Loading

Click to rate this post!
[Total: 1 Average: 5]
Posted in Янгиликлар

Похожие сообщения

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan