Menu Close
Уэльсда ишлаб чиқарилган нафас тести Covid-19’ни аниқлай олади ва уни бошқа нафас йўллари инфекцияларидан деярли бир зумда ажратиб қўяди.

Фото: PA

Коронавирус бўйича янги тестнинг дастлабки синовлари шуни тасдиқладики, юқумли касалликни ҳозиргача бўлганидек, бир неча соат ичида эмас, балки бир неча сония ичида аниқлаш мумкин. ВВС хабарига кўра, тестни тўлиқ ўтказиш бир неча дақиқа давом этади.

Шотландия ва Германияда ўтказилган янги тестнинг синов натижалари нуфузли Lancet тиббиёт журналида эълон қилинди.

Уни ишлаб чиққан Imspex Diagnostics хабарига кўра, агар етарли маблағ топилса, тест воситаси олти ойдан сўнг фойдаланишга тайёр бўлади.

«Истиқболлар, менимча, жуда яхши, – дейди компания асосчиси ва раҳбари Санти Домингес. – Уни бир зумда инфекцияни аниқлаши сабабли нафақат касалхоналарда, балки турли хил вазиятларда ҳам қўллаш мумкин. Салоҳияти авиацияда, умуман транспортда, мигрантлар билан ишлашда юқори. Нафас олиш учун намунани тезда олиш мумкин, бунинг учун махсус малакага эга одам керак эмас. Бир неча дақиқада жавоб тайёр бўлади».

Маълумотларга кўра, қурилма дастлаб ўпка саратони каби касалликларни аниқлаш, шунингдек, бактериал инфекцияни вирусли инфекциядан тезда ажратиб олиш учун мўлжалланган тестларни ишлаб чиқишда қўлланилган технологияга асосланган.

Бироқ, глобал Covid-19 пандемияси бошланганидан сўнг, фирма бор эътиборини коронавирусни ташхислашга қаратишга қарор қилди.

«Бизда бу соҳада ишланмалар мавжуд, шу жумладан бундай қурилмалардан фойдаланиш тажрибаси. Коронавирус пайдо бўлганида, у бизни ушбу йўналишга ўтишга мажбур қилди», – дейди Домингес.

Ушбу технология асосида иккита тест ўтказилди – Эдинбург ва Дортмунд касалхоналаридаги беморларда. Тадқиқотчилар бундай қурилма Covid-19’ни бошқа инфекциялардан ажрата олишини аниқлашга ҳаракат қилишди.

Қурилма нафас намуналарини таҳлил қилиб, беқарор кимёвий элементларни қидиради, улар эса нафас олиш йўллари касалликлари турига оид маълумот беради.

Tестлар ушбу элементларда Covid-19’га доир белгини аниқлашга муваффақ бўлди, кейинчалик у бошқа инвазив тест усуллари билан тасдиқланди. Синовлар Covid-19’ни 80 фоиз ҳолатда аниқлаб, коронавирусни астма ёки бактериал пневмония каби бошқа касалликлардан ажратиб кўрсатди.

Эдинбургда ўтказилган тестлар давомида касалликнинг оғирлиги ва ўлим хавфини аниқлайдиган кимёвий элементлар ҳам аниқланди.

«Агар ушбу тестлар ишончли экани исботланса, унда улар поликлиникалар ёки шошилинч тиббий ёрдам бўлинмаларида Covid-19’ни тезда ташхислаш имкониятини очади, бу тиббиёт ходимларининг ишини анча енгиллаштиради», – дейди олимлар.

Covid-19’ни ўхшаш белгиларга эга бўлиши мумкин бўлган грипп эпидемиялари даврида тезда аниқлаш жуда муҳимдир.

Олимлар янги ишланмадан умид катта эканини таъкидлади. Бироқ унинг синов ишлари кўлами ҳозирча унча юқори эмас, у 100га яқин беморда ўтказилди.

Loading

Click to rate this post!
[Total: 4 Average: 4.8]
Posted in Янгиликлар

Похожие сообщения

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan